Тез-тез касал бўладиган бола: иммунитетни қандай кўтариш керак?
Деярли ҳар бир ота-она ҳаётида шундай саволлар юзага келадиган давр бошланади: “Менинг фарзандим ҳаддан ташқари тез-тез касал бўлмаяптими? Унинг иммун тизими билан нимадир юз берганми?”. Барибир бола қайта ва қайта касал бўлади. Демак, шамоллаш ва бошқа инфекциялар болада ҳаддан ташқари тез-тез юз бераётганлиги тўғрисида хавотирланиш керакми ва буни қандай олдини олиш керак?
Бола учун йилига неча марта касал бўлиш – норма ҳисобланади?
Аслида, бола йилига бир неча марта респиратор ва/ёки меъда инфекциялари билан касалланиши мумкинлиги мутлақо меъёрий ҳолат ҳисобланади. Хусусан, чақалоқ ва мактабгача ёшда бўлган болалар ўртача йилига етти-саккиз марта шамоллаш касалликлари билан бемор бўладилар, мактаб ёшидаги болалар йилига беш-олти марта касал бўладилар. Ўсмирлар камроқ касал бўладилар – тахминан йилига тўрт мартагача. [1]. Шамоллаш касаллиги, одатда, куз ва қишда, болалар хона ичида ва бир-бирига янада яқин алоқада бўладиган даврда кўпроқ учрайди. Шамоллаш касаллигидан ташқари, болалар тахминан йилига икки-уч марта қусишсиз ёки қусиш билан ичаклар инфекциялари билан ҳам касалланишлари мумкин. [2].
Ёшроқ бўлган болалар каттароқ ёшдаги болаларга ва катта ёшдагиларга нисбатан кўпроқ шамоллаш касаллигига учрайдилар, чунки улар организмида ҳозирча 100 тадан кўпроқ турли хил, шунингдек мутацияланиши мумкин бўлган вирусларга иммунитет (ҳимоя) ишлаб чиқарилмаган бўлади. Шу туфайли, бола тез-тез шамоллаш касалликлари билан бетоб бўлиши мумкинлиги асосий сабаби боланинг доимо янги вируслар таъсирига учрашидан иборат. Организмда вирусларга иммунитет ишлаб чиқарилишига кўп йиллар талаб қилинади. Бундан ташқари, болалар боғчасига ёки мактабгача муассасага борадиган бола тез-тез инфекцияларга учрайди. Бироқ, шу билан бирга, янги вируслар билан “танишув” бола организмида ушбу вирусларга иммунитет ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Боланинг акалари ва опалари ҳам мактабдан яхшигина вируслар ташувчилар ҳисобланади. [3].
Болада нимадир янада жиддийроқ, масалан, иммун танқислик борлиги ҳақида қачон ўйлаб кўриш керак?
Юқорида қайд этилганлардан маълум бўлишича, тез-тез шамоллаш билан касал бўлиш иммун тизим кучсизлиги белгиси эмас. Бу, оддий, бола организми кўплаб вируслар таъсирига учрашини англатади.
Шамоллаш касаллиги янада жиддий муаммоларга олиб келадиган ҳолат боланинг иммун тизими билан нимадир юз берганлиги тўғрисида ўйлаб кўриш учун сабаб ҳисобланади. Муайян “қизил байроқлар” қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин [4]:
- Болани тез-тез шифохонага ётқизиш зарурати ва ҳар бир касалликдан сўнг вена ичига антибиотиклардан фойдаланишга эҳтиёж;
- Болада жигар ёки қоражигар каби ички аъзолар шикастланиши билан инфекциялар ривожланади;
- Инфекция жойларидан типик бўлмаган агрессив микрофлоралар тарқалиши;
- Йил давомида саккизта ёки ундан кўпроқ қулоқ инфекцияси;
- Йил давомида иккита ёки ундан кўпроқ бурун бўшлиқлари жиддий инфекцияси;
- Соғлиқ бироз яхшиланиши билан икки ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида антибиотиклар қабул қилиш;
- Йил давомида икки ёки ундан кўпроқ зотилжам касаллиги ҳолатлари;
- Тери ёки аъзоларнинг қайталанувчи чуқур абсцесслари;
- Бола ҳаётининг 1 йилидан сўнг оғизда ёки бошқа жойларда персистирловчи тил оқариши (еликиш);
- Бирламчи иммун танқислиги оилавий анамнези.
Бундан ташқари, агар Сизнинг 3 ёшдан катта ёшдаги фарзандингиз, асосан, гулчанг мавсумида бир ой ва ундан узоқроқ вақт давомида кўп аксирса, бироқ иситмасиз ва шамоллаш касаллигининг бошқа симптомларисиз бурундан шаффоф ажратмалар келса, шунингдек обструктив бронхитлар билан тез-тез касал бўлса, унда ингаляцион аллергия мавжудлиги тўғрисида ўйлаб кўришингиз ва ўз шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.
Бола ҳаддан ташқари тез-тез касал бўлади – нима қилиш керак?
Ўз болаларининг касал бўлишлари такрорланиш тезлигидан хавотирланган барча ота-оналар бажариши мумкин бўлган энг муҳим иш – бола соғлиғини сақлаш учун барча керакли чоралар кўрилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўз даволовчи шифокорлари билан суҳбатлашишдан иборат.
Боланинг иммун тизимини мустаҳкамлаш учун нима қилиш мумкин?
1. Болангиз тўйиб ухлаётганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Кўплаб болалар уйқуга тўймайдилар ҳамда ўсиш ва кучли иммун тизимни ривожлантириш учун етарли ҳажмда ухламайдилар. Уйқу етишмаслиги организмда стрессни чақиради ва иммун тизим кучсизланишига олиб келади, бу болаларни касалликлар учун янада ҳимоясиз қилиши мумкин. Бола учун керакли тавсия этилган уйқу ҳажми бола ёшига боғлиқ бўлади [5]:
- 4 ойликдан 12 ойлик ёшгача бўлган чақалоқлар суткада 12 соатдан 16 соатгача ухлашлари керак (шу жумладан, кундузги уйқу);
- 1 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар – суткада 11 соатдан 14 соатгача (шу жумладан, кундузги уйқу);
- 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар – суткада 10 соатдан 13 соатгача (шу жумладан, кундузги уйқу);
- 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар – суткада 9 соатдан 12 соатгача;
- 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар – суткада 8 соатдан 10 соатгача ухлашлари керак.
Бундан ташқари, генетик, хатти-ҳаракат, тиббий ва экологик омиллар таъсир этадиган уйқуга эҳтиёжларнинг шахсий ўзгарувчанлигини ҳисобга олиш керак (айрим одамлар фақат бошқаларга нисбатан кўпроқ ухлашлари керак ёки аксинча) [5].
2. Соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилинг
Одамлар турли сабаблар бўйича ўзлари ва болалари истеъмол қиладиган маҳсулотларни танлайдилар. Ушбу сабаблар орасида: шахсий афзаллик, маданият, дин, аллергия ёки чидамсизлик. Шунингдек, турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати ва мавжудлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Умуман, қуйидаги маҳсулотлар “соғлом” овқатланиш деб аталади [6]:
● Кўплаб сабзавотлар, мевалар, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, денгиз маҳсулотлари ва бутун ғалла маҳсулотларини ўз ичига оладиган озиқ-овқат маҳсулотлари.
● Чекланган миқдорли қизил ва қайта ишланган гўшт, зарарли ёғлар, қанд моддаси, тузни сақлайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари.
Айримлар фикрича, иммун тизимни мустаҳкамлайдиган кўплаб озуқавий қўшимчалар мавжуд. Аслида меъёрий ўсаётган, хилма-хил овқатланаётган, етарли миқдорда сут маҳсулотларини истеъмол қилаётган ва қуёш нури тушиб турадиган жойда бўладиган соғлом болалар учун витаминлар ва минералларни қўшимча қабул қилиш зарурати йўқ. Айрим тадқиқотларда D витаминининг пастроқ даражалари респиратор инфекциялари такрорланиш тезлиги ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги намойиш қилинган, бироқ, озуқавий қўшимчалар ушбу хавфни камайтириши ёки камайтирмаслиги маълум эмас [7].
Болаларда оғир даражали озиқ-овқат етишмовчилиги ҳолатларида, одатда, чуқур иммун танқислиги кузатилади. Мувозанатланган озиқ-овқат рационига эга бўлган болада бундай ҳолат ривожланиши эҳтимоли кам.
3. Жисмоний фаоллик
Жисмоний машқлар бизнинг соғлиғимизни сақлайди ва касалланиш эҳтимолини камайтиради. Болалар ҳақиқатан ҳам ҳеч бўлмаганда кунига бир соат давомида фаол бўлишлари керак. Бу албатта спорт билан жиддий шуғулланиш ёки спорт залига қатнашни англатмайди – болалар майдонида ўйнаш ёки сайр қилиш ўринли бўлади. Агар Сизнинг кунига бир неча соат спорт билан жиддий шуғулланадиган фарзандингиз бўлса, жисмоний машқлар унинг ухлашига халақит қилмаслигига ва ортиқча толиқишни чақирмаслигига ишонч ҳосил қилинг, чунки ушбу ҳар икки ҳолат ҳам иммун тизим билан боғлиқ муаммоларни чақириши мумкин.
4. Сизнинг фарзандингиз етарлича ижобий ҳиссиётлар олаётганлигига ишонч ҳосил қилинг
Боланинг руҳий ҳолатини етарлича баҳоламаслик мумкин эмас. Баъзан тарбияда диққат маркази фақат болани кийим ва егулик билан таъминлашдан иборат бўлади, бироқ оддий инсоний меҳр-муҳаббат ва қўллаб-қувватлаш қоидаларини унутиб қўймаслик керак. Бу, айниқса, бола организми учун муҳим. Чунки меҳр-муҳаббат ва руҳий хавфсизлик ҳисси болага ҳар қандай стресс вазиятда нерв тизими саломатлигини сақлашга ёрдам беради ва бунинг оқибати сифатида мустаҳкам иммунитетни таъминлайди.
5. Оддий эҳтиёткорлик чоралари тўғрисида унутманг
Оиланинг барча аъзолари соғлиқни сақлаш учун оддий профилактика чораларини бажаришлари мумкин, айнан эса:
- Қўлларни ювиш
- Йўтал ва аксиришда юзни тирсак билан бекитиш
- Имкон даражада бемор одамлардан узоқроқ туриш
- Зарур ҳолларда, ниқобларни тақиб юриш – бу, айниқса, жамоада инфекциялар тарқалишидан сақланишда ёрдам бериши мумкин.
Агар Сизнинг фарзандингизда инфекцияга қарши курашишни қийинлаштириши мумкин бўлган соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бўлса, Сиз амалга оширишингиз мумкин бўлган ҳар қандай қўшимча профилактика чоралари тўғрисида ўз шифокорингиз билан суҳбатлашинг.
- Adapted from Schmitt 80; Your Child s Health. ed 2. New York. BantamBooks. Inc., 1991
- https://www.nhs.uk/conditions/diarrhoea-and-vomiting/
- Paediatr Child Health. 2005 Oct; 10(8): 493–495.doi: 10.1093/pch/10.8.493
- Andy Nellis. The constant cold: Why kids are always sick and what to do about it. January 10, 2022. Mayo Clinic Press Editors
- https://www.uptodate.com/contents/diet-and-health-the-basics?search=healthy%20diet&source=search_result&selectedTitle=2~150&usage_type=default&display_rank=2
- Bailey R L. Do dietary supplements improve micronutrient sufficiency in children and adolescents?J Pediatr. 2012 Nov;161(5):837-842.e3. Epub 2012 Jun 18.